Трамп Саудияга шарт қўйди
Доналд Трамп кутилмаганда АҚШ-Саудия ядровий битимини «Иброҳим келишувлари»га қўшилиш билан боғлади. Агар Саудия Арабистони Исроил билан муносабатларни нормаллаштирмаса, уранни бойитиш имконини берадиган битимдан маҳрум бўлади.
22 июл куни томонлар АҚШ технологияларидан фойдаланган ҳолда уранни бойитиш ҳамда ядро реакторларини қуришга рухсат берувчи келишувни эълон қилганди.
Пайшанбага келиб АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social'даги саҳифасида «фуқаролик ядровий келишуви фақат ноҳарбий фойдаланишга тааллуқли бўлиб, у – тўлиқ Саудия Арабистонининг 'Иброҳим келишувлари'га қўшилишига боғлиқ бўлади», деб ёзди.
АҚШ президенти постида айнан нимани назарда тутгани аниқ эмас. Бу баёнот қуролларда ишлатиладиган юқори даражада бойитилган уранга тааллуқли ёки йўқлиги ҳам номаълум.
Саудиянинг Вашингтондаги элчихонаси Трампнинг ушбу постига ҳозирча изоҳ бермади.
Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт ҳам Трамп – араб иттифоқчилари билан битимни «Иброҳим келишуви»га боғлаш ҳақида кўп гаплашганини таъкидлади.
БАА ва Баҳрайн Трампнинг биринчи муддатида «Иброҳим келишувлари»ни имзолаган бўлиб, сўнгги чорак асрда Исроилни тан олган биринчи араб давлатларига айланди. Қироллик эса Фаластин давлатчилиги сари аниқ йўл кўринмагунча унга қўшилишни рад этиб келаётганди.
Саудияга қўйилган ушбу шартни Исроил мамнуният билан кутиб олди. Оқ уй сўзчиси Нетаняҳу Трампдан шундай шарт қўйишни сўрагани ҳақидаги саволга буни билмаслигини айтди. «Менда бор маълумотларга кўра, йўқ», деди у журналистларга.
Аввалроқ Америка ва исроиллик сиёсатчилар қиролликка катта ён берилган ушбу режага қарши эканини очиқ айтиб келишаётганди. Улар Саудия фуқаролик лойиҳасидан ядро қуролини ишлаб чиқишда фойдаланишидан хавотирда.
Украина яна WB омборларига ҳужум қилди
Жума кунига ўтар кечаси Қримда, Ленинград вилояти ва Тверда Wildberries компаниясининг омборлари яна Украина ҳужумларига учради.
Гувоҳлар тасвирларига кўра, ҳужумдан сўнг Ленинград вилоятининг Новосаратовка қишлоғида жойлашган WB омборида ёнғин чиққан. Ушбу омбор Санкт-Петербургнинг маъмурий чегарасидан бироз ташқарида жойлашган бўлса-да, у асоссан Петербургга хизмат кўрсатгани учун кўпинча «Wildberries Санкт-Петербург омбори» деб аталади.
Ҳужумдан сўнг Петербург осмонига кўтарилаётган қора тутун булутлари акс этган фотосуратлар тарқалди. Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко маълумотларига кўра, уч киши жароҳат олган ва «уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда».
WB'нинг ўзи ҳам Санкт-Петербургда жойлашган 2 та логистика мажмуалари фаолияти вақтинча тўхтатилганини тасдиқлади.
Шунингдек, кеча тунда Твер вилояти ва Симферополдаги WB логистика ҳабларига ҳам ҳужумлар бўлган. Маълумотларга кўра, ҳар икки ҳудудда берилган зарбалар оқибатида маркетплейс омборлари ёниб кетган.
24 июлга ўтар кечаси Судакдаги электр подстанциясига ҳам зарба берилган. Шундан сўнг шаҳарда электр энергияси ўчган, кўплаб туманларда эса сув таъминоти ҳам узилгани айтилмоқда.
23 июл куни «Коммерсант» газетаси ўз ҳисоб-китобларини эълон қилди. Унга кўра, Украина зарбалари – ўша пайтгача WB барча логистика инфратузилмасининг 10 фоизига ёки 552 минг квадрат метрига таъсир кўрсатган.
Украина томони урушга «дронлар ва навигация ускуналарини етказиб бераётган» логистика марказларини «қонуний нишон» деб ҳисобламоқда.
Трампдан янги божлар
Пайшанба куни Қўшма Штатлар мажбурий меҳнатни тақиқлаш қоидаларига етарлича амал қилмаслик айблови билан ўнлаб мамлакатларга нисбатан янги божлар жорий этди.
Бож ставкалари 10 фоиздан 12,5 фоизгача бўлиб, Хитой, Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи каби йирик иқтисодиётларга дахл қилади.
«Қўшма Штатларда мажбурий меҳнат йўли билан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар импортига тақиқ деярли бир асрдан бери мавжуд ва у қатъий равишда амалга оширилади; савдо шерикларимиз ҳам шундай қилиш вақти аллақачон келган», деди АҚШ савдо вакили Жемисон Грир.
Янги божлар жума куни – вақтинчалик 10 фоизлик глобал бож муддати тугаши билан кучга киради.
АҚШ расмийсининг маълум қилишича, мамлакатларнинг аксарияти, жумладан, Хитой ва Япония 12,5 фоизлик юқорироқ божга тортилади. Мажбурий меҳнат бўйича муайян тақиқларга эга бўлган давлатлар, жумладан, Канада ва Буюк Британия 10 фоизлик божга дуч келади.
Шу билан бирга, пўлат ва алюминий каби соҳавий божларга тортиб бўлинган товарлар бундан мустасно бўлади. АҚШ-Мексика-Канада битими доирасида кириб келаётган товарлар ҳам божлардан озод қилинади.
Ушбу қадам АҚШ Олий суди феврал ойида президент Доналд Трампнинг божларини бекор қилганидан сўнг ташланмоқда.
Оқ уй янги божларни асослаш учун янги ҳуқуқий важлардан фойдаланиб келмоқда. Ҳозирча йирик халқаро шериклардан фақат Бразилия жавоб чораси кўрилишини айтди.
Европада ўрмон ёнғинлари
Франциянинг жануби-ғарбида ўрмон ёнғинлари сабабли 12 мингга яқин киши эвакуация қилинди, Жиронде минтақасида яна 8 800 киши хавфсиз жойга кўчирилмоқда.
Маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, 3 400 гектарга яқин ер майдони аллақачон кулга айланган. Олов билан 700 га яқин ўт ўчирувчи курашмоқда.
Жабрланганлар ҳақида маълумот тушмаган, ёнғин хавфи юқори бўлган ўрмон ҳудудларида баъзи объектлар ва йўллар ёпилмоқда.
Шу ёзда Европани қамраб олган ғайриоддий иссиқлик тўлқинлари оқибатида Франциянинг бир қанча департаментлари ўрмон ёнғинларидан талафот кўрди. Хусусан, ҳафта бошида Бордо аэропорти яқинидаги ёнғинни ўчириш чоғида икки нафар маҳаллий ўт ўчирувчи ҳалок бўлган эди.
Сўнгги кунларда Испания ва Италияда ҳам ўрмон ёнғинлари авж олди. Сицилияда ёнғинни ўчириш чоғида бетоб бўлиб қолган ўт ўчирувчи ҳалок бўлди. Мадрид ғарбида эса 3 500 га яқин аҳоли назоратдан чиқиб кетган ўрмон ёнғини сабабли эвакуация қилинди.
Испаниянинг айрим ҳудудларида камида 42°C иссиқ қайд этилди. Жорий йилдаги энг йирик ўрмон ёнғини шу ҳафтада пойтахт шимолидаги Гвадалахара минтақасида кузатилди: 35 000 гектардан ортиқ майдон кулга айланиб, ўзидан вайрон бўлган табиат манзарасини қолдирди.
Россияда Су-57 қулади
Кеча Москва вилоятининг Одинцово туманида Россия армиясининг энг қудратли Су-57 қирувчи самолёти ҳалокатга учради. Учувчи катапултация қилишга улгурган. Бу ҳақда Россия куч тузилмаларига яқин кўриладиган «Маш» Telegram-канали ҳамда «Коммерсант» газетаси хабар берди.
Россия Тергов қўмитаси «парвоз қилиш ёки унга тайёргарлик кўриш қоидаларини бузиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган.
Ҳалокат машғулот парвози вақтида юз берган, шу боис самолёт бортида қурол бўлмаган. Ҳалокат сабабларини Тергов қўмитасидан ташқари ҳарбий экспертлар ва Россия мудофаа вазирлиги комиссияси ҳам ўрганади.
Вазирликнинг ўзи ҳавога кўтарилиш вақтида ўқув-жанговар самолёти ҳалокатга учраганини тасдиқлади. Ҳарбий идорага кўра, ҳалокатнинг дастлабки сабаби — техник носозлик. Хабарда самолётнинг аниқ модели тилга олинмаган.
Су-57 қирувчисининг илк парвози 2010 йилда бўлиб ўтган, 2020 йилда эса армия сафига қабул қилинганди.
Россия 5-авлод қирувчи самолётининг таннархи 30 дан 50 миллион долларгача баҳоланади. 2025 йилда президент Путин ушбу қирувчини «айни дамда дунёдаги энг самарали» ва «эҳтимол, энг замонавий (самолёт)» деб атаганди.










