Тошкент–Самарқанд пулли йўлини Хитой темирйўллари корпорацияси таркибига кирувчи China Overseas Engineering Group (COVEC) компанияси қуради.
Компания президенти Ван Кун 22 июл куни янги магистрал қурилишига бағишланган маросимда иштирок этди.
“Жаҳон миқёсида бой тажрибага эга халқаро инфратузилма пудратчиси сифатида компаниямиз ушбу мегалойиҳани энг юқори стандартлар ва юксак сифат асосида амалга оширишга қатъий бел боғлаган. Биз шартнома мажбуриятларини тўлиқ масъулият билан бажариш, меҳнат хавфсизлиги, қурилиш сифати ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича энг қатъий талаб ва стандартларга риоя этиш, илғор технологиялар ҳамда яшил қурилиш концепцияларини кенг қўллашни мақсад қилганмиз”, – деган Ван Кун “Ўзбекистон 24” телеканали эфирида.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг сўзларига кўра, COVEC'нинг вазифаси – янги магистрални қуриб фойдаланишга топшириш. Трассани пулли йўлга айлантириш эса кейинги босқичда амалга оширилади.
“Асосий қурувчи – Хитой компанияси. Унинг вазифаси қуриб, топшириш. Лекин лойиҳамиз икки босқичдан иборат, иккинчи босқичи – тайёр қурилган йўлга ҳамкор топиб, уни пулли йўлга айлантиришдан иборат”, – деган вазир.

Автомобил йўллари қўмитаси бўлим бошлиғи Шерзод Болтаевнинг айтишича, 282 километрлик Тошкент–Самарқанд янги трассаси интеллектуал транспорт тизими билан қамраб олинади: ЙТҲ рўй берганда огоҳлантирувчи таблолар орқали ҳаракат хавфсизлиги узлуксиз таъминланади.
“Ҳар 50 километрда, жами 12 тадан ортиқ автобанлар лойиҳалаштириш режалаштирилган. Лойиҳани амалга оширишда маҳаллий контент улуши 50 фоиздан кам бўлмайди: маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилади, айниқса цемент-бетон, инерт материаллари тўлиқ Ўзбекистондан ишлаб чиқарилади”, – дейди Болтаев.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа қиймати 2,2 млрд долларга баҳоланган. Жорий йил май ойидаги тақдимотда 85 фоиз молиялаштириш Хитой банклари ҳисобидан, 15 фоизи эса Ўзбекистон бюджетидан бўлиши мумкинлиги айтилганди.
Магистрални 2030 йилда фойдаланишга топшириш ва унда 150 км/соат тезликда ҳаракатланишга рухсат берилиши кўзда тутилган. 2025 йил кузида очиқланган хомчўтларга кўра, пулли йўлда 200 км масофа босиш тўлови 100 минг сўм атрофида бўлиши мумкин.











