Академик лицейларга кириш тест синовлари 25 июл куни иккинчи сменада (фақат Тошкент шаҳрида) ва 26 июл куни икки сменада (барча ҳудудларда) бўлиб ўтади. Бу ҳақда Билимни баҳолаш агентлигининг тест синовларини ташкил этиш ва назорат қилиш бўлими бошлиғи Жамшидбек Одилов маълум қилди.

Тест синовлари учун 1-смена – 09:00да, 2-смена – 15:00да бошланади. Тест синовлари таълим йўналишига мос 2 та фан ва интеллектуал қобилият даражаси (IQ)ни аниқлаш бўйича ўтказилади. Бунда талабгорларга ҳар бир фандан 20 тадан жами 60 та тест топшириғи ва уларни бажариш учун жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга 2 соат вақт ажратилади.

Талабгорлар қачон, қаерда тест синовида иштирок этишини my.edu.uz сайти орқали шахсий кабинетидан билишлари ва рухсатномани юклаб олишлари мумкин. Талабгорлар тест синови ўтказиладиган ҳудудга тест синови бошланишидан камида 1 соат олдин шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва тест синовида иштирок этиш учун рухсатнома билан келишлари лозим.