“Ўзбекнефтгаз” АЖ собиқ раиси Баҳодир Сиддиқов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши судга оширилди.
Олий суд матбуот хизматининг Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, мазкур ишда судланувчилар 9 киши бўлиб, улардан 5 нафарига қамоқ, 4 нафарига гаров эҳтиёт чоралари қўлланган.
ЖИБ Яшнобод туман судидаги дастлабки суд мажлиси 24 июл куни соат 10:00 га белгиланган. Судя – Убайдуллаев Жасурбек Абдурашидович.
Судланувчилар рўйхати қуйидагича (Kun.uz уларнинг ҳозирги ёки собиқ иш жойини очиқ манбалар асосида аниқлади; мазкур шахсларга қўйилаётган айбловлар уларнинг кўрсатиб ўтилган иш жойларига алоқадор бўлмаслиги мумкин):
“Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси лавозимида ишлаган Сидиқов Баҳодиржон Баҳромович ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси ўринбосари лавозимида ишлаган Анорқулов Бахтиёр Раҳманқулович Жиноят кодексининг –
- 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а,в” бандлари;
- 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а,б” бандлари;
- 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а,б” бандларида назар тутилган жиноятларда айбланмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Харидлар департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган Бурхонов Дилмурод Нурхонович ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги “Махсусэнергогаз” АЖ раиси лавозимида ишлаган Хақбердиев Дилшод Муродович Жиноят кодексининг –
- 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а,в” бандлари;
- 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а,б” бандларида назар тутилган жиноятларда айбланмоқда.
“Enter Engineering Pte. Ltd” компанияси бош директори Усмонов Улуғбек Алимжонович, “Oilgasservisinvest” МЧЖ директори Очилов Алишер Орифович ҳамда “Oil Ravon Servis” МЧЖ (2025 йил декабр ойида тугатилган) директори лавозимида ишлаган Ҳошимов Масъуджон Раҳматович Жиноят кодексининг –
- 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а,в” бандлари;
- 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “б” бандида назар тутилган жиноятларда айбланмоқда.
“Eriell Managment” МЧЖ директори, “Eriell KAM” МЧЖ директори Бобоев Нодиржон Насимжонович Жиноят кодексининг –
- 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а,в” бандларида назарда тутилган жиноятларда айбланмоқда.
Сурхондарё вилоятидаги “PETROMARUZ Uzbekistan” МЧЖ хорижий корхонаси директори Асатов Ҳамидулла ХХХ Жиноят кодексининг –
- 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а,в” бандлари;
- 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а,б” бандларида назар тутилган жиноятларда айбланмоқда.
Олий суд матбуот хизмати Kun.uz'га тақдим этган маълумотда жиноят иши юритилган моддалар қаторида Жиноят кодексининг 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ҳам келтирилган. Аммо суд ишлари жадвалида судланувчиларга қўйилган айбловлар қаторида бу модда учрамайди.
Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Сиддиқов “Ўзбекнефтгаз”ни 2023 йил мартидан 2025 йил декабрига қадар бошқарган ва бошқа ишга ўтгани айтилган ҳолда лавозимидан озод этилганди. Унинг ишдан бўшатилиши президентнинг энергетик хавфсизлик бўйича собиқ вакили Алишер Султонов истеъфоси билан бир вақтга тўғри келганди.
2026 йил 27 январ кунги селекторда президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекнефтгаз” компанияси ва Давлат активларини бошқариш агентлигида катта тафтиш кетаётгани, иккала ташкилотда ҳам миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар аниқланганини айтганди.
Ўша пайтда манбалар Баҳодир Сиддиқов ва Давактивнинг ўша вақтда ишдан олинган директори Акмалхон Ортиқов қамоққа олингани ҳақида хабар берганди.
Давлат раҳбари 27 январдаги йиғилишда: “Бу идораларда йиллар давомида коррупция авж олган бўлса, хавфсизлик масалалари учун масъуллар қаерга қараган?” деган саволни ўртага ташлаб, ДХХ раисига махсус хизматларнинг “Ўзбекнефтгаз” ва Давактивга масъул ходимларининг жавобгарлигини кўриб чиқишни буюрганди.











