4 феврал куни Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган Пўлат Шамшетов (Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ собиқ ходими) вафот этди.

Бош прокуратура хабарига кўра, ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари ва холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Мазкур кўздан кечириш жараёнларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) Бухоро вилояти минтақавий вакили, П.Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошларининг ҳам иштироки таъминлангани айтилади.

Қайд этилишича, ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган.
  
Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Пўлат Шамшетов 45 ёшда эди. У ўтган йилнинг июл ойида Қорақалпоғистонда юз берган воқеалардан кейин ҳибсда сақланаётган эди. 

Суд ҳукми билан у Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан айбли деб топилиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ва 6 йил озодликдан маҳрум қилинган.