Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ–май ойларида мамлакат экспорти 12,6 млрд АҚШ долларига етган.
Экспорт таркибида хизматлар 4,6 млрд доллар билан энг юқори улушни қайд этди. Мазкур йўналишда ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34,9 фоизни ташкил қилди.
Саноат товарлари экспорти 1,9 млрд долларга етган бўлиб, 18 фоизга ошди. Турли хил тайёр буюмлар экспорти эса қарийб икки баробар ўсиб, 1,1 млрд долларни ташкил қилди.
Шунингдек, кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар экспорти 1 млрд доллар (+37,6 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар экспорти ҳам 1 млрд доллар (+9,1 фоиз) бўлган.
Ҳисобот даврида минерал ёқилғи, мойлаш материаллари ва шунга ўхшаш маҳсулотлар экспорти 660,7 млн долларга (+10,1 фоиз), машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари экспорти 536 млн долларга (+38,2 фоиз) етди.
Ноозиқ-овқат хомашёси (ёнилғидан ташқари) экспорти 131,4 млн доллар (+17,1 фоиз), ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари экспорти 106,9 млн доллар (+41,3 фоиз), ҳайвон ва ўсимлик мойлари, ёғлар ҳамда мумлар экспорти эса 50,9 млн доллар (+90,1 фоиз)ни ташкил қилди.
Айни пайтда, «бошқа товарлар» тоифаси бўйича экспорт ҳажми 1,5 млрд доллар бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 76,4 фоизга камайган.










