Қирғизистонлик тадбиркорлар Москва ва Тамбов областларидаги Wildberries логистика мажмуаларига дронлар ҳужуми оқибатида зарар кўрди. Бу ҳақда Қирғизистон иқтисодиёт ва тижорат вазири Бакит Сидиқовнинг Қирғизистондаги Wildberries вакили билан учрашуви якунлари бўйича маълум қилинди.

Вазирликнинг билдиришича, тикувчилик соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларнинг маҳсулотлари компаниянинг Электростал ва Котовск шаҳарларидаги омборларида сақланаётган бўлган. Wildberries вазирликка зарар ҳажмини баҳолаш ишлари олиб борилаётгани, омбор инфратузилмасига етган зарар аниқланаётгани ва омборлардаги маҳсулотлар инвентаризация қилинаётганини маълум қилган.

Баҳолаш ишлари ва олинган маълумотларни таҳлил қилиш якунланганидан сўнг вазирлик оқибатларни бартараф этиш бўйича қўшма ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида компания вакиллари билан яна бир бор учрашишни режалаштирмоқда.

«Маҳаллий тадбиркорларга етказилган дастлабки зарар ҳажмини аниқлаш мақсадида Қирғиз Республикаси Иқтисодиёт ва тижорат вазирлиги томонидан тикувчилик соҳаси субъектлари ўртасида сўровнома орқали маълумот тўпланди», — дейилади вазирлик баёнотида.

Маркетплейс офертасига кўра, форс-мажор сабабли мажбуриятларни бажармаслик ҳолати юзага келган бўлса, Wildberries жавобгарликдан озод этилади. Форс-мажорга «тўхтатиб бўлмас кучлар», табиий офатлар, ифлослантирувчи ёки заҳарловчи моддаларнинг чиқиб кетиши, иш ташлашлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар киради.

18–22 июл кунлари Wildberries’нинг Котовск ва Электросталдаги тақсимлаш марказлари ҳамда Краснодар ва Невинномисск шаҳарларидаги омборлари ҳужумга учради. Энг оғир оқибатлар Котовскда қайд этилди —етти нафар ходим ҳалок бўлди, яна 23 киши шифохонага ётқизилди.

Электростал логистика мажмуасига дрон бўлаклари тушиши натижасида чиққан ёнғин уч суткада ўчирилди.

22 июл кечаси компаниянинг Краснодар ва Невинномисскдаги омборларига ҳам дронлар ҳужуми уюштирилди. Краснодарда ўн киши жароҳатланди, улардан бири шифохонада вафот этди. Невинномисскда эса бир киши шифохонага ётқизилди.

Ҳужумлардан сўнг Wildberries логистика занжирлари қайта ташкил этилганини ва платформа одатий режимда ишлашда давом этаётганини билдирди.