18 июлга ўтар кечаси Украина Россиядаги Wildberries маркетплейсининг иккита омборига ҳужум қилди – бу омборларда дронлар учун эҳтиёт қисмлар сақлангани билан изоҳланган. Зарбалар оқибатида саккиз киши ҳалок бўлиб, 80 дан ортиқ киши жароҳат олган. Омборларга ва уларда сақланган маҳсулотларга етказилган зарар миқдори ҳозирча номаълум – буни ҳисоблаб чиқишга камида бир ой вақт кетади. Аммо Forbes (шунингдек, «Коммерсант» ва «Ведомости») экспертларга таяниб, Wildberries ва унинг сотувчилари қанча йўқотганини баҳолашга ҳаракат қилди. Хулоса шундай: сотувчилар кўрган зарар маркетплейснинг ўзи кўрган зарардан анча кўп, платформадан тўлиқ компенсация олиш имконияти эса жуда кам.
Wildberries қанча йўқотган бўлиши мумкин?
Компаниянинг Москва области Электростал шаҳридаги омбори (250 минг квадрат метр майдонни эгаллаган бу омбор Wildberries’нинг энг йирик логистик маркази эди), шунингдек, Тамбов области Котовск шаҳридаги омбори (108 минг квадрат метр майдонга эга, ўтган йили очилган) Украина қуролли кучлари зарбаси остида қолди.
Экспертларнинг баҳолашича, Электростал ва Котовскдаги омборлар Wildberries омбор майдонларининг 6,5 фоизидан 9 фоизигача бўлган қисмини ташкил этади. Бу майдонлар вайрон қилиниши маркетплейс фаолиятини фалаж аҳволга солиб қўймайди, аммо унинг логистик тармоғига юкламани ошириши мумкин. Шу билан бирга, харидорлар учун етказиб бериш муддатлари анча кечикиб кетиши даргумон: Wildberries кўплаб саралаш марказларига эга ва бу йўналишларни тезда қайта кўриб чиқиш имконини беради.
«Коммерсант» ва Forbes манбаларининг ҳисоб-китобларига кўра, омборларнинг ҳар бир квадрат метрини тиклаш харажати 60 мингдан 100 минг рублгача тушиши мумкин, бу эса жами харажат 22 миллиарддан 36 миллиард рублгача бўлишини англатади. Таққослаш учун: Wildberries’нинг 2025 йилдаги соф даромади 175 миллиард рублни ташкил этган.
Ёниб кетган омборлар учун суғурта расмийлаштирилгани аниқ эмас. Бозордагилар айтишича, Wildberries одатда ўз объектларини суғурталамайди. Аммо компания суғуртасиз ҳам зарарни мустақил равишда бартараф эта олади – айниқса Электростал ва Котовскдаги омборларга қилинган ҳужумлар логистика жараёнларининг жиддий ва узоқ муддатли бузилишига олиб келмаса.
Афтидан, Wildberries ишдан чиққан омборларини имкон қадар тезроқ қайта ишга туширишга интилмоқда – Котовскдаги омбор (у ерда ёнғин оқибатида етти киши ҳалок бўлган, аммо ёнғин тезроқ ўчирилган) 23 июлдаёқ, яъни ҳужумдан беш кун ўтиб фаолиятини тиклайди. Электросталдаги омбор қайта очилиши ҳозирча номаълум. Бу омбордаги ёнғин фақат 21 июлга келиб тўлиқ ўчирилди.
Сотувчилар қанча зарар кўрган бўлиши мумкин?
2024 йилда Wildberries’нинг Ленинград области Шушари посёлкасидаги омбори ёниб кетганди. Ўшанда компания маҳсулотларини ушбу омборда сақлаган сотувчилар учун 35 миллиард рубллик компенсация пулини тўлаб берганди. Ҳозир эса етказилган зарар миқдори анча катта – Data Insight тадқиқот агентлиги таҳлилчиси Сергей Семко Frobes билан суҳбатда айтишича, сотувчиларнинг Электростал ва Котовскдаги омборларда сақланган жами маҳсулотлари баҳоси 150–235 миллиард рубл атрофида бўлган, сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган маҳсулотлар қиймати 150–170 миллиард рублни ташкил этиши мумкин.
Компания расмий жиҳатдан сотувчиларнинг зарарини қоплаб беришга мажбур эмас. 7 июл куни – омборларга ҳужумдан 11 кун олдин – Wildberries сотувчилар билан келишуви шартларига ўзгартириш киритиб, «форс-мажор ҳолатлар» учун жавобгарликни ўз зиммасидан соқит қилган, дронлар ҳужуми ҳам шундай ҳолатларга киради.
Маҳсулотларини Электростал ва Котовскдаги омборларда сақлаган сотувчиларнинг қанчаси шартноманинг янги шартларини қабул қилгани номаълум. Қабул қилганларнинг суддаги имконияти минимал даражада. Янги шартларга розилик бермаган ёки маҳсулотларини ҳужжат қабул қилинишидан олдин омборга олиб кирганларнинг имконияти юқорироқ, аммо улар учун ҳам кафолат йўқ, деб ҳисоблайди адвокат Константин Степанов. «Шаги» юридик компаниясининг бошқарувчи ҳамкори Андрей Шарковнинг таъкидлашича, шартнома ўзгаришидан олдин ҳам суд дроннинг тўғридан тўғри келиб урилишини Фуқаролик кодекси нормалари асосида форс-мажор ҳолати деб топиши эҳтимоли юқори эди. Бироқ, Шарковнинг сўзларига кўра, сотувчилар судда Wildberries маҳсулотларни ҳимоя қилиш учун етарли чоралар кўрмаганини исботласа, зарарнинг бир қисми қопланишига эришиши мумкин.
Umbrella Consulting Group компанияси бошқарувчи ҳамкори Кирилл Агаповнинг таъкидлашича, Wildberries учун компенсациялар – нафақат пул, балки обрў масаласи ҳамдир. Эҳтимол, шунинг учун ҳам маркетплейс омборларга қилинган ҳужумдан жабрланганларга ёрдам ваъда қилди ва сотувчиларга қўллаб-қувватлов чораларини таклиф этди. Аммо улар учун бу тўғридан тўғри компенсациялар эмас, балки чегирмалар, жарималарни вақтинча бекор қилиш ва кредитлар бўйича ёрдамдир. Forbes нашри ҳисоблашича, сотувчилар ёниб кетган маҳсулотлар учун зарар Wildberries томонидан тўлиқ қопланишига умид қилиши даргумон: агар 150–170 миллиард рубллик баҳо тўғри бўлса, Wildberries ўтган йилги фойдасининг деярли барчасини компенсация учун сарфлаши керак бўлади.
Суғурта ҳам ёрдам бериши даргумон. Wildberries сотувчилари учун суғурта дастурлари мавжуд, аммо улар биринчи навбатда маҳсулотнинг йўқолиши, шикастланиши ёки алмаштирилишини қоплайди. Polis.online суғурта хизмати бош директори Андрей Креернинг тахмин қилишича, Wildberries сотувчиларининг атиги 5–7 фоизи суғурта полисларига эга ва уларнинг атиги 10–20 фоизи диверсия хавфини ўз ичига олади: бундай полислар одатда анча қимматроқ туради.
Электрон савдо вакиллари ассоциацияси раҳбари Алексей Москаленконинг айтишича, сотувчилар зарар кўрган омборларни инвентаризация қилиш ишларидан кейин Wildberries билан музокараларни бошлайди. У томонлар «зарарни қоплашнинг муросали варианти»ни топишига умид билдирган. Россия Савдо-саноат палатаси электрон тижорат кенгаши раҳбари Алексей Федоровнинг фикрича, сотувчиларга компенсация тўлаш масаласига давлат ҳам аралашиши мумкин.











