Украинага ёрдам кўрсатиш учун қўшимча маблағ ажратиш масаласи бўйича партиялар ўртасидаги келишмовчиликлар 30 январ, пайшанбага ўтар кечаси Германия Бундестаги сессиясининг муддатидан олдин тугатилишига олиб келди.
Эркин демократик партия (ЭрДП)нинг бюджетдан ташқари харажатлар учун 3 миллиард еврогача маблағ ажратиш таклифи атрофидаги мунозаралар тахминан соат 00:30 да парламент ўз кворумини йўқотиши билан якунланди: ЭрДП таклифи бўйича овоз беришда атиги 320 нафар парламент аъзоси иштирок этди. Кворумга эришиш учун парламентнинг 733 аъзосининг ярмидан кўпи ҳозир бўлиши керак.
Охир-оқибат, "90-алянс"/"Яшиллар" партиясидан Бундестаг раиси ўринбосари Катрин Гёринг-Эккардт карбонат ангидрид ташламалари нархи бўйича режалаштирилган муҳокама кун тартибида қолган бўлса-да, ялпи мажлисни эрта ёпишга қарор қилди.
Бербок Рубио билан биринчи мулоқотда Украинадаги урушни муҳокама қилди
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Марко Рубио билан телефон орқали суҳбатлашди — бу у АҚШ давлат котиби лавозимига келганидан бери биринчи мулоқот бўлди. Бу ҳақда 28 январ куни Германия ташқи ишлар вазирлигига таяниб, dpa ахборот агентлиги хабар берди.
«Биз АҚШнинг янги ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқчимиз», деди Германия дипломатияси раҳбари. «Европа ўз хавфсизлиги учун кўпроқ масъулиятни зиммасига олмоқчи», дея қўшимча қилди у.
Суҳбат тахминан ярим соат давом этди. Қўнғироқ Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтаётган Брюсселдан амалга оширилган.











