Falcon Heavy ракетаси илк парвозини амалга ошириш вақти 6 февраль Тошкент вақти билан соат 23:30дан 7 февраль соат 2:30гача давом этади.

“Falcon Heavy ракетаси старт олганда, у ҳозирда қўлланилувчи энг кучли ракеталардан икки марта кучлироқ бўлади. У орбитага 64 тонна юк етказа олади, бу масса бортида йўловчилар, экипаж ва юк бўлган ҳамда ёқилғи билан тўлдирилган Boeing 737 самолётидан оғирроқдир. Бу Falcon Heavy’нинг энг яқин рақобатчиси – Delta 4 ракетасидан 2 марта кучлироқдир, дегани. Бундан ташқари, парвоз Delta 4’никидан 3 баробар арзонроққа тушади”, дейилган роликда. 

Ракета орбитага юк сифатида қизил рангли Tesla Roadster’ни етказади. Машина рули олдидан “сунъий фазогир” жой олади.

“Сунъий фазогир – бу SpaceX’нинг янги ҳашаматли скафандрларидан бирига кийинтирилган манекен. Маск унинг “фазогири” бутун парвоз давомида автомобилда ўтириб, Девид Боуининг қўшиғидан лаззатланишини истамоқда. SpaceX’нинг бу ноодатий юкини коинотга учирилган энг антиқа буюмлардан деб аташ мумкин. Келгусида Маск Марсга родстер билан бирга ҳақиқий фазогирни жўнатмоқчи ва шу тариқа Қизил сайёра мустамлакаси бошланганини ифодаламоқчи.