«12.09.2017 йилда «kun.uz» сайтида жойлаштирилган Сайхунобод тумани ҳокимининг ҳаракатлари ҳақидаги видеоматериалда кўрсатилган ҳолатлар юзасидан Сирдарё вилоят прокуратураси томонидан текширув ўтказилмоқда.
Текширувнинг бориши Бош прокуратура томонидан назоратга олинган», дейилган Бош прокуратура хабарида.
12 сентябрь куни Kun.uz сайти Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида август ойи охирида рўй берган ҳодиса видеосини эълон қилди. Унда Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Маҳмудович Эгамбердиев тумандаги мактабларнинг директорларини йиғиб, уларни бир қаторга терган ҳолда калтаклагани тасвирланганди. Туман ҳокимининг сўзларидан англаш мумкинки, мактаб директорлари Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб келмагани учун жазоланган.











