АҚШ Энергетика вазирлиги маълум қилишича, Вашингтон шаҳрида АҚШ энергетика вазири Крис Райт ва Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд ўртасида тинч атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича узоқ муддатли келишув имзоланди.
Келишувга мувофиқ, АҚШ компаниялари Саудия Арабистонининг атом дастурини ривожлантириш, атом инфратузилмасини яратиш ва тегишли технологияларни жорий этишда иштирок этади.
АҚШ Энергетика вазирлигига кўра, мазкур ҳамкорлик Америка саноати, ишлаб чиқарувчилари ва таъминот занжирлари учун янги имкониятлар яратиши, шу билан бирга Саудия Арабистонининг ортиб бораётган энергия эҳтиёжини қондиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, томонлар ядровий хавфсизлик ва ҳамкорлик шартларини тартибга солувчи қўшимча икки томонлама кафолатлар тўғрисидаги битимни ҳам имзолаган.
«Энг юқори ядровий хавфсизлик стандартлари»
АҚШ энергетика вазири Крис Райтнинг таъкидлашича, имзоланган келишувлар ядровий хавфсизлик ва ядровий қурол тарқалмаслиги соҳасидаги энг юқори халқаро стандартларга мос келади.
Унинг сўзларига кўра, ҳамкорлик дунёдаги энг илғор атом технологияларига таянган ҳолда амалга оширилади.
Энди мазкур келишув АҚШ Конгрессига тасдиқлаш учун киритилади.
Конгрессда қаршилик бўлиши мумкин
Бироқ Reuters агентлигининг ёзишича, Конгресс келишувни маъқулламаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Бунинг асосий сабаби сифатида айрим конгрессменларнинг сиёсий жиҳатдан беқарор деб баҳоланаётган Яқин Шарқ давлатларига ядровий технологиялар беришга қарши экани кўрсатилмоқда.
Айниқса, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари давом этаётган шароитда бундай қарор баҳсларга сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, халқаро инспекторлар Саудия Арабистонидаги ядровий объектларга қай даражада кириш имконига эга бўлиши ҳам ҳозирча тўлиқ аниқ эмас. Бу эса технологиялар ҳарбий мақсадларда қўлланмаслиги бўйича хавотирларни кучайтирмоқда.
Лойиҳа қиймати миллиардлаб долларга баҳоланмоқда
Аввалроқ The Wall Street Journal нашри битим қиймати миллиардлаб долларга баҳоланаётганини хабар қилган эди.
Нашр маълумотига кўра, келишув 30 йил давомида амал қилиши режалаштирилган бўлиб, АҚШ компанияларига Саудия Арабистонининг атом инфратузилмасини барпо этишда ҳал қилувчи ўринни эгаллаш имконини беради.
Шу билан бирга, хорижий рақобатчиларнинг ушбу лойиҳаларда иштирок этиш имкониятлари чекланиши мумкин.
Нашрда қайд этилишича, келгусида қўшма тадқиқотлар натижалари ижобий бўлса, Саудия Арабистони ҳудудида уранни бойитиш мажмуаси қурилиши ҳам режалаштирилмоқда. Бироқ бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланган эмас.











