
Ҳолландиялик дизайнер Даан Роозегарде ишлаб чиққан 7 метрлик ҳаво тозалагич, ифлосланган ҳаводан нафас олувчиларнинг жонига аро кирди, дейиш мумкин. Smog Free Tower - тутундан холи минора, гуёки чангютгич каби ифлос ҳавони тортиб олиб, ёриқлари орасидан тозаланган, фильтрланган ҳавони чиқаради. Минора соатига 30 000 куб метр ҳавони тозалай олади. У бунинг учун 1,5 кВт энергия ишлатади. Эътиборли жиҳати, бу энергияни ҳам қурилманинг ўзи ишлаб чиқади.

Лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 3 йил сарфлаган дизайнер, эндиликда Хитой ҳукумати билан музокаралар олиб бормоқда. У, сўнгги вақтларда заҳарли тутунлардан ифлосланган Хитой шаҳарларида ўз ғоясини амалга оширишни режалаштираяпти.
Эҳтимол, бу миноралар дастлаб паркларга ўрнатилади. Улар ташқи кўриниши билан ҳам паркка ўзига хос жило бағишлаши шубҳасиз.

Минорадан чиқариладиган мусбат ионлар ҳаводаги инсон учун зарарли чангларни ўзига бириктириб олади, ифлос ҳаво тортилгач, у минора тагига чўкади. Технология бошқа усулларда фильтрлаш имконини бермайдиган майда зарраларни ҳам тозалай олади.
Бу каби миноралар амалий фойдадан ташқари хом-ашё ҳам етказиб бера олади. Гап шундаки, минора ичида тўпланган углероднинг майда зарраларидан ўзига хос тақинчоқлар ва тугмалар ишлаб чиқиш мумкин.










