Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги 160-сон қарори билан “Интеллектуал фаолият бўйича танловларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.

Мазкур низом интеллектуал фаолият соҳасида танловларни ташкил этиш, ўтказиш, иштирокчиларни баҳолаш ҳамда ғолибларни тақдирлаш тартибини белгилайди.

Танловлар қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

– энг яхши ихтиро;
– энг яхши фойдали модел;
– энг яхши саноат намунаси;
– энг яхши электрон ҳисоблаш машинаси учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси;
– энг яхши селекция ютуғи.

Белгиланишича, танловлар икки босқичда ташкил этилади: дастлаб ҳудудий босқич, сўнгра республика миқёсидаги финал босқичи ўтказилади.

Ташкилотчилар ҳар йили 1 майга қадар танлов шартлари ва баҳолаш мезонларини тасдиқлаб, ўз расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилади.

Танловнинг республика босқичи ғолиблари БҲМнинг 150 бараваригача, иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари эса мос равишда 125 ва 100 баравари миқдорида пул мукофотлари билан тақдирланади.