Европа Иттифоқининг Россияга қарши 21-санкциялар пакети 23 июл куни Европа Иттифоқи Кенгашининг расмий журналида эълон қилингач, расман кучга кирди. Европа комиссиясига кўра, янги чоралар Россиянинг Украинага қарши урушни давом эттириш ва мамлакатнинг тинч аҳолиси ҳамда фуқаролик инфратузилмасига ҳужумларни молиялаштириш имкониятларини қисқартиришга қаратилган.

Янги пакет асосан энергетика соҳаси, молиявий хизматлар, жумладан криптовалюта операциялари, ташқи савдо ва Россия ҳарбий-саноат мажмуасига нисбатан қўшимча чекловларни назарда тутади.

Санкциялар пакетининг асосий қарорларидан бири Россия нефти учун амал қилаётган нарх чегарасини яна бир йилга сақлаб қолиш бўлди. Агар мазкур механизм узайтирилмаганида, жаҳон бозорида нефт нархи ошиши билан чеклов нархи ҳам автоматик равишда кўтарилиши мумкин эди.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи илк бор Россия нефтни қайта ишлаш соҳасига ҳам тўғридан тўғри санкциялар жорий қилди. Чекловлар Россиядаги учта нефтни қайта ишлаш заводи, Беларусдаги йирик НҚЗ, Россияда Беларус нефт маҳсулотларини сотувчи компания ҳамда амалдаги чекловларни четлаб ўтишга ёрдам берган бешта нефт трейдерига нисбатан қўлланди. Шунингдек, Россия нефтини қайта ишлайдиган корхоналар билан операцияларни тақиқлаш имконияти ҳам яратилди.

Яна бир муҳим янгилик сифатида Россиянинг «соя флоти»га мансуб деб ҳисобланган 41 та кема санкциялар рўйхатига қўшилди. Бунгача мазкур рўйхатда 632 та кема мавжуд эди. Илк бор Европа Иттифоқи давлатларига денгиз операциялари доирасида ушланган бундай кемалар юкини мусодара қилиш ҳуқуқи ҳам берилди. Мусодара қилинган юк сотилиши, тушган маблағ эса кемани ушлаган давлат ихтиёрига ўтказилиши мумкин.

Европа комиссияси Россия иқтисодиёти уруш бошланганидан бери энг заиф ҳолатга келганини таъкидлади. Баёнотда қайд этилишича, Яқин Шарқдаги вазият туфайли нефт нархининг ошиши ҳисобига олинаётган қўшимча даромадлар ҳам Россия иқтисодиётидаги тизимли муаммоларни қоплаш учун етарли эмас.

Санкциялар доирасида Россия ҳарбий-саноат мажмуаси билан боғлиқ яна 56 та компания чекловлар рўйхатига киритилди. Уларнинг 37 таси узоқ масофага учувчи «Гарпия» дронларини ишлаб чиқариш ва таъминот занжири билан боғлиқ. Шунингдек, Россия ишлаб чиқаётган Starlink муқобили ҳам санкциялар остига олинди, ҳарбий саноат учун муҳим бўлган металл кукунлари, қотишмалар ва радиоэлектрон кураш технологияларига оид маҳсулотлар экспортига қўшимча чекловлар жорий этилди.

Суюлтирилган табиий газ (LNG) бўйича ҳам янги қоидалар қабул қилинди. Европа компаниялари томонидан Россия LNGʻни учинчи давлатларга ташишга доир чекловлар 2022 йил 24 февралгача тузилган шартномаларга нисбатан татбиқ этилмайди. Бироқ бундай ташишлар ҳажми 2025 йил даражасидан ошмаслиги шарт. Компаниялар юклар, маршрутлар ва нархлар ҳақида мунтазам ҳисобот тақдим этиши лозим бўлади.

Пакет доирасида яна 48 нафар жисмоний ва 170 та юридик шахс санкциялар рўйхатига киритилди. Европа комиссияси буни Украинадаги тўлиқ масштабли уруш бошланганидан бери санкциялар рўйхатининг энг йирик кенгайиши деб баҳоламоқда.

Санкцияга учраганлар орасида Россия президенти ёрдамчиси Владимир Мединский, спорт вазири Михаил Дегтярёв, Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Аркадий Дворкович, «Россия темирйўллари» раҳбари Олег Белозёров, Марказий банк раиси ўринбосари Сергей Белов, «Газпром-медиа» бош директори Александр Жаров ва бошқа бир қатор амалдорлар ҳамда компания раҳбарлари бор.

Уларнинг Европа Иттифоқи ҳудудидаги активлари музлатилади, шунингдек, улар учун иттифоқ давлатларига кириш тақиқланади.

Шу билан бирга, Россия Қуролли кучларида хизмат қилган шахсларнинг Европа Иттифоқига киришини тақиқлаш масаласи ҳозирча кучга кирмаган. Европа комиссияси бу чекловни амалга ошириш учун ҳуқуқий ва ташкилий тайёргарлик ишлари якунлангач, Европа Иттифоқи кенгаши унинг амал қилиш санасини алоҳида белгилашини маълум қилди.