Россиялик Аркадий Дворкович Европа Иттифоқининг Россияга қарши 21-санкциялар пакети доирасида санкциялар рўйхатига киритилганидан кейин ФИДЕ президенти ваколатларини ихтиёрий равишда тўхтатишга қарор қилди.

ФИДЕ расмий сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, мазкур қарор дарҳол кучга кирган. Федерация уставига мувофиқ, Дворковичнинг вазифаларини вақтинча ФИДЕ вице-президенти, шахмат бўйича 15-жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд бажаради.

ФИДЕ кенгаши ҳам Дворковичнинг қарорини маъқуллаганини маълум қилди. Баёнотда қайд этилишича, у Европа Иттифоқи санкциялари амал қилган даврда ФИДЕ ёки унинг активлари бўйича раҳбар, эгалик қилувчи ёки назорат қилувчи шахс сифатида фаолият юритмайди.

Дворкович Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилишига қўшилмаслигини билдириб, ушбу қарорни суд орқали бекор қилиш учун ҳуқуқий тартибда шикоят қилишини маълум қилди.

23 июл куни кучга кирган Европа Иттифоқининг Россияга қарши 21-санкциялар пакети доирасида яна 48 нафар жисмоний ва 170 та юридик шахс чекловлар рўйхатига қўшилди. Европа комиссияси буни Украинадаги уруш бошланганидан бери санкциялар рўйхатининг энг йирик кенгайиши деб баҳолади.

Европа Иттифоқи Аркадий Дворковични санкциялар рўйхатига киритишни унинг Россиянинг Украинага қарши урушига оммавий қўллаб-қувватлов билдиргани ҳамда Россия шахмат федерацияси билан алоқадорлиги, ушбу федерация эса эгаллаб олинган Украина ҳудудларида мусобақалар ўтказиш орқали Россия ҳаракатларини қонунийлаштиришга хизмат қилгани ҳақидаги иддаолар билан изоҳлади.

Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатига киритилган шахсларнинг иттифоқ ҳудудидаги активлари музлатилади ҳамда улар учун Европа Иттифоқи мамлакатларига кириш тақиқланади.