Жорий йилги қабул жараёни ҳам икки босқичда ташкил этилган. Аввало абитуриентлар тест синовларида иштирок этади, сўнгра тўплаган балларига қараб олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди.

23 июл куни ўтказилган тест синовлари натижалари эртага эълон қилиниши режалаштирилган. Шу билан барча абитуриентларнинг тест натижалари тўлиқ маълум бўлади.

Шундан кейин, тахминан 25 июлдан 8 августгача абитуриентларга олий таълим муассасалари, таълим йўналишлари ва таълим шаклларини танлаш имконияти яратилади.

Йўналиш танлаш босқичи якунлангач, 8–17 август кунлари якуний мандатни шакллантириш ишлари амалга оширилади. Амалдаги тартибга кўра, қабул натижалари 17 август куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Мандат натижалари маълум бўлганидан сўнг, 18–27 август кунлари олий таълим муассасасига талаба бўлиш учун тавсия этилмаган абитуриентлар техникумларни танлаш имкониятига эга бўлади.

Маълумот учун, 2025-2026 ўқув йили қабул жараёнида мандат натижалари белгиланган муддатдан аввал — 13 август куни эълон қилинган эди. Жорий йилда ҳам натижалар белгиланган санадан эртароқ чиқарилиши эҳтимоли истисно этилмаяпти.

Бу йил олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар сони ўтган йилга нисбатан 54,5 минг нафарга камайиб, 677 минг 907 нафарни ташкил этди. Ўтган қабул мавсумида эса ушбу кўрсаткич 732 минг 411 нафар бўлган.