Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълум қилишича, тест синовидан озод этувчи ҳуқуққа эга абитуриентлар учун рухсатнома расмийлаштирилмайди. Бу ҳуқуқ миллий сертификат асосида ёки қонунчиликда белгиланган бошқа асослар билан берилганидан қатъи назар, мазкур тартиб барчага бир хил татбиқ этилади.
Хусусан, барча фанлардан миллий сертификатга эга бўлган ва рўйхатдан ўтиш жараёнида «сертификатдан фойдаланаман» танловини белгилаган абитуриентлар тест синовидан озод этилган ҳисобланади. Шу боис уларнинг шахсий кабинетида рухсатнома шаклланмайди ва тест топшириш учун белгиланган манзилга бориши шарт эмас.
Агентлик маълумотига кўра, тест синовлари якунланганидан кейин ушбу тоифадаги абитуриентлар ҳам қабулнинг иккинчи босқичида иштирок этади. Бу босқичда уларга 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши, таълим шакли ҳамда танлов устуворлигини танлаш имконияти берилади.











