New York Times нашри, шахсини очиқламаслик шарти билан гапирган АҚШнинг икки расмийсига таяниб маълум қилишича, Трамп маъмурияти чоршанба куни саудияликлар билан келишувни расман имзолашни ва эълон қилишни режалаштирмоқда.
Келишувнинг тафсилотлари тез орада Конгрессга ҳам тақдим этилади. Нашрга кўра, ушбу келишув Қиролликка ядровий реакторлар учун ўз ёқилғисини бойитиш имконини бериши мумкин.
Битим Эрон билан уруш муносабатларни таранглаштираётган бир пайтда Қўшма Штатларни Саудия ҳукумати билан янада мустаҳкамроқ боғлашга қаратилган. Расмийларга кўра, Трамп маъмурияти ушбу келишув АҚШ ядро саноатига миллиардлаб доллар даромад келтиришини тахмин қилмоқда.
Битим тафсилотлари
Доналд Трамп ва МБС ўтган йили ноябрда Оқ уйдаги учрашувда АҚШ-Саудия фуқаролик ядро ҳамкорлигини давом эттиришга келишиб олганди. Ўшандан бери АҚШ ва Саудия расмийлари режани муҳокама қилмоқда.
Битим саудияликлар билан эришилган иккита махфий қўшимча хатни ўз ичига олади. Маъмурият уларда махфий тижорат маълумотлари мавжудлигини ва нозик миллий хавфсизлик масалаларига дахлдорлигини таъкидлаши кутилмоқда. Аммо Конгресснинг айрим аъзолари ушбу хатлар тўлиқ ошкор қилинмагунча битим учун овоз бермаслиги мумкин.
Трамп маъмурияти Саудия Арабистони билан эришган келишув тури «1 2 3 Келишув» деб аталади. У давлатлар ўртасида ядровий ҳамкорлик бўйича юридик мажбурий базани белгилайди. Бундай келишув мажбуриятлари ядро қуролининг тарқалмаслигини таъминлашга қаратилган.
NYT'нинг ёзишича Трамп қиролликнинг де-факто раҳбари, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан келишувга эришиш учун халқаро инспекторларнинг ҳар қандай объектларга боришини чеклашга доир шартларга рози бўлган. Бундай инспекторлар эса ёқилғини қурол лойиҳаларига йўналтириш йўли бўлиши мумкин, деб ҳисоблаган объектларни текширади.
Шунингдек, Трамп Саудия Арабистони билан ядро ёқилғисини ишлаб чиқариш иқтисодиёти бўйича биргаликдаги тадқиқотдан сўнг, саудларга ўз ҳудудида уранни бойитиш ёки плутонийни қайта ишлашга рухсат берилиши мумкинлигига ҳам рози бўлди.
Трампнинг ядровий келишув шартлари бўйича саудияликларга берган ён беришлари сезиларли даражада катта. Масалан АҚШ Бирлашган Араб Амирликлари билан 2009 йилда кучга кирган шунга ўхшаш келишувни тузганида, анча чекловчи шартлар мавжуд эди. БАА Халқаро атом энергияси агентлиги билан «қўшимча протокол» деб аталадиган ҳужжатни имзолаб, қатъий текширувларга рози бўлган. Шунингдек, у ўз ёқилғисини ишлаб чиқариш ҳуқуқидан воз кечишга рози бўлиб, қурол ишлаб чиқариш инфратузилмасига эга бўлиш эҳтимолини йўққа чиқарганди.
Вашингтон Саудия дастурини ҳам диққат билан кузатиб бориш имконини берадиган чекловлар амалда бўлишини режалаштирмоқда. Аммо, улар БААдаги каби қатъий бўлмаслиги мумкин.
Исроил ва қонунчилар қаршилиги
Ушбу келишув кўплаб республикачилар орасида қўллаб-қувватланиши эҳтимол мавжуд. Аммо, ҳар икки партиядан бўлган баъзи америкалик сиёсатчилар Исроил расмийлари бундай режага қаршилик билдиришган. Чунки, улар Саудия Арабистони охир-оқибат ядро қуролини ишлаб чиқиш учун тинчликсевар фуқаролик ядро лойиҳасидан фойдаланиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.
Аслида бу турдаги битим бир неча йилдан бери муҳокама қилинмоқда. Байден маъмурияти даврида у Саудия Арабистонининг Исроилни дипломатик тан олишини ўз ичига олган кенгроқ келишувнинг бир қисми сифатида кўрилган эди. Бироқ 2023 йил октябрда Ғазода бошланган урушдан сўнг, бу истиқбол орқага сурилди. Ҳокимиятга қайтган президент Трамп фуқаролик ядровий ҳамкорлик бўйича таклифни – Ар-Риёд Исроилни тан олиши ҳақидаги ҳар қандай талабдан ажратди.
Келишув АҚШ Конгресси томонидан кўриб чиқилишни талаб этади. У Атом энергияси тўғрисидаги қонунга мувофиқ "эътироз резолюциясига" ҳам дуч келиши мумкин. Аммо амалий нуқтаи назардан, келишув катта эҳтимол билан қабул қилинади, деб ёзмоқда NYT. Чунки Конгресс Трампнинг ташаббусини рад этиш учун вето ваколатини енгиб ўта оладиган кўпчилик овозини тўплаши керак бўлади.
Шаҳзоданинг ядровий амбициялари
Шаҳзода бин Салмон, агар Эрон ядро қуроли яратса, у ҳам ядро қуролини қуришга ваъда берган. Ҳатто интервьюларидан бирида буни «ҳеч шубҳасиз» амалга оширишини таъкидлаган эди.
Эрон фуқаролик мақсадларига мўлжалланган деб таъкидлаб келадиган ядровий дастурига эга. Аммо халқаро майдонда Теҳрон ядровий келишувдан чиққанидан сўнг уранни деярли қурол даражасигача бойитганини айтиб келинади.
Шуни баҳона қилиб, АҚШ кучлари 2025 йил июнь ойида Исроил билан Эроннинг ядровий объектларига ҳужум қилди. Жорий йилнинг февраль ойида АҚШ-Исроил Эронга қарши уруш бошлади.

МБС Трамп билан ўтган йили Оқ уйдаги учрашувда мудофаа бўйича келишувга ҳам эришган. Бу келишувлар қиролликка замонавий F-35 қирувчи самолётларини сотишни ўз ичига олади. Аммо бу Сенатга ратификация қилиш учун тақдим этадиган шартнома даражасига етмаган.
Эрон уруши пайтида Саудия баллистик ракеталарга қарши – ҳаво мудофааси учун тутиб олувчи Patriot'ларни етказиб беришда Қўшма Штатларга қаттиқ таяниб қолди. Шу билан бирга Саудия расмийлари Американинг Яқин Шарқдаги сиёсати, жумладан АҚШнинг Исроил билан шериклиги – Кўрфазнинг бошқа давлатлари учун хавф-хатарларни ошираётганидан хавотирда.











