Бу ҳақда “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Умрбек Юсупов сўз юритишди.
Камолиддин Раббимов: Англия сиёсий тизими парламентар моделга асосланган. Бу тизимда асосий ҳокимият парламент қўлида бўлади. Ҳар беш йилда парламент сайловлари ўтказилади ва конституциявий анъанага кўра монарх, ҳозирги қирол Чарлз III давлат бошлиғи сифатида фақат рамзий рол бажаради, сиёсий бошқарувга аралашмайди.
Сайловда кўпчилик ўринни қўлга киритган партия ҳукуматни шакллантиради. Яъни ўша партия етакчиси бош вазирга айланади ва Вазирлар Маҳкамасини тузади. Шу билан бирга, партия ички демократияси ҳам муҳим рол ўйнайди. Бош вазир беш йиллик муддат давомида бир неча бор ўзгариши мумкин, чунки ҳукмрон партия ичида етакчилик учун рақобат доимий давом этади.
Масалан, Кир Стармер сўнгги икки йил давомида бош вазир сифатида фаолият юритди. Бироқ май ойида ўтказилган маҳаллий сайловларда Лейбористлар партияси жиддий мағлубиятга учради. Бу натижалар фонида Найжл Фараж етакчилигидаги ўнг партия сезиларли даражада кучайди ва сиёсий мувозанатга таъсир кўрсатди. Шунинг учун Лейбористлар партияси ичида янги етакчилар ўз дастурларини таклиф қилмоқда. Улар мамлакатда ишонч пасаяётганини таъкидлаб, янги сиёсий йўналишлар бўйича аниқ режалар илгари сурмоқда. Партия вакиллари жамоатчилик фикри ва сўровлар асосида ўзларидан бўлган қайси сиёсатчи ва ғоялар кўпроқ қўллаб-қувватлаш олаётганини ўрганади ва партия ичкарисида сиёсий курсни ўзгартириш имконига эга.
Энди Бёрнем марказлашган бошқарувни қайта кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Унинг фикрича, ҳокимият ҳаддан ташқари марказлашиб кетган ва ваколатларнинг бир қисмини ҳудудларга, маҳаллий бошқарув органларига бериш керак. Ҳозирча бу борада концептуал ёндашув ишлаб чиқилмоқда.
Лейбористлар партияси ижтимоий тенглик ва ҳимоя ғояларини илгари суради. Жумладан, яқинда уйсиз фуқаролар муаммосини ҳал қилиш бўйича ташаббуслар кўтарилди. Унга кўра, пандемия даврида бу масалада муайян натижаларга эришилган бўлса, ҳозир ҳам шундай чораларни амалга ошириш мумкин. Умуман олганда, Англиядаги парламентар тизим партия ички механизмлари орқали сиёсатни мослашувчан тарзда ўзгартириш имконини беради.
Умрбек Юсупов: Энди Бёрнем ижтимоий йўналишга урғу берадиган сиёсатчи сифатида танилган. У олиб борган ижтимоий сиёсат амалда ижобий натижалар бергани учун ҳам жамоатчилик орасида машҳурлиги юқори.
Катта Манчестер мэри сифатидаги фаолияти давомида Лондон марказлашувига қарши чиққани ва шимолга кўпроқ инвестиция, ваколат ва молиявий мустақиллик бериш талаблари туфайли уни “шимол қироли” деб ҳам аташади.
Ҳозирги сиёсий вазиятда, ўта ўнг қарашларга эга Найжл Фараж кучайиб бораётган бир пайтда, унга мувозанатли рақиб сифатида айнан Бёрнем кўрилмоқда. Оддий сайловчилар орасида ҳам унга тенг даражада қаршилик кўрсата оладиган фигурадан бири шу. Сайловчилар учун танлов доираси унчалик кенг эмас эди ва Лейбористлар партияси муайян даражада шу омилни инобатга олишга мажбур бўлди.
Сўнгги ўн йил ичида Буюк Британияда ҳукумат тез-тез алмашди. Дэвид Кэмерон, Борис Жонсон, Лиз Трас ва Риши Сунак даврларида сиёсий беқарорлик кузатилди. Шу фонда Кир Стармернинг икки йиллик бош вазирлик даври нисбатан барқарорроқ кўринади.
Бёрнемнинг сўнгги баёнотлари шуни кўрсатадики, ташқи сиёсатда кескин бурилишлар кутилмайди. Хусусан, у Украинани қўллаб-қувватлаш масаласида қатъий позицияни сақлаб қолишини, ҳатто бу ёрдамни кенгайтириш мумкинлигини таъкидлади. Бу эса амалдаги ташқи сиёсий йўналиш давом этишини англатади.
Европа томонида ҳам ижобий сигнал кузатилмоқда. Европа Кенгаши раҳбари Антониу Кошта ўз баёнотида Брюссел Буюк Британия билан Brexit’дан кейин шаклланган яқинлашувни давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирди. Сўнгги йилларда икки томонлама алоқаларда илиқлик ошгани кузатиляпти.
Ижтимоий-иқтисодий нуқтайи назардан қаралганда, Европа Иттифоқи институтлари ижтимоий йўналтирилган сиёсатга кўпроқ эътибор беради. Шу сабабли Бёрнем етакчилигида Буюк Британиянинг Европа билан яқин ҳамкорлиги давом этиши эҳтимоли юқори.
Ички сиёсатда эса асосий эътибор ҳудудлар ўртасидаги тафовутни камайтиришга қаратилади. Минтақалар ва шаҳарлар ўртасида яшаш даражасини тенглаштириш масаласи босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Ҳозир умумий сайловлар муддати – 2029 йил августгача ҳали анча бор. Найжл Фараж учун муддатидан олдин сайлов ўтказиш фойдали бўлиши мумкин эди, чунки сўровлар унга юқори натижалар ваъда қилмоқда. Бироқ ҳозирча бундай сценарий амалга ошмади. Натижада ҳозирги вазият Лейбористлар учун маълум даражада нафас ростлаш имконини бермоқда.
Бёрнем сиёсий майдонга чиқиши ва унинг нисбатан юқори рейтинги партияга қўшимча таянч бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, кескин бурилишлар эмас, балки босқичма-босқич ўзгаришлар кутилмоқда. Якуний баҳо эса кейинги парламент сайловлари натижаларига қараб берилади. Ҳозирча эса бу сиёсий курс қанчалик самарали бўлишини вақт кўрсатади.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.










