Сурхондарё вилояти Бойсун туманида нефт аралаш суюқлик дарёга қўшилиб кетгани юзасидан Экополиция томонидан ўрганиш ўтказилди.
Экология қўмитасига кўра, воқеалар ривожи қуйидагича:
- Бойсун туманида “Surkhan Gas Chemical Operating Company” МЧЖ қўшма корхонасига қарашли қудуқдан нефт маҳсулотлари бўлган суюқлик қайнаб чиққан (Энергетика вазирлигига кўра, бу 2025 йил декабр ойи охирларида содир бўлган).
- Бу суюқлик табиий сув ҳавзасига тушишининг олдини олиш мақсадида қўшма корхона томонидан “Eriell Oilfield Services Middle East DMCC” корхонасининг махсус техникалари ёрдамида 11 та хандақ қазилиб, жойлаштирилган.
- Экополициянинг аниқлашича, 23 апрел куни Бойсун туманидаги кучли ёғингарчиликлар натижасида 1,2 тонна нефт маҳсулоти бўлган суюқлик Хонгаронсойга оқиб кетган.
Ҳолат юзасидан компенсация тўловлари ҳисобланганда, 8,5 миллиард сўмдан ортиқ сумма чиққан.
“Ҳозирда нохуш ҳолат бартараф этилиб, сув нефт аралаш суюқликдан тозаланган. Шунингдек, ўрганиш ишлари давом этмоқда ва жараён якунланганидан сўнг тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим қилинади”, – дейилади Экоқўм ахборотида.











