Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган автомобилларга пропан газ тўлдириш шохобчасида портлаш рўй берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда «Солнечний» атрофидаги йўлда кучли портлашдан кейин атроф ёришиб кетгани, шундан кейин ҳодиса жойида ёнғин бошланганини кўриш мумкин.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ бериб, 16 июл куни соат 22:46 да М-39 автомобил йўли бўйида жойлашган шохобчадаги пропан сақлаш сиғими ҳамда газ ташишга мўлжалланган махсус автомобилда чақнаш рўй берганини маълум қилди.

Қутқарув бўлинмалари воқеа жойига етиб бориб, соат 00:04 да ёнғинни бартараф этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 3 киши тан жароҳати олган. Улар зудлик билан шифохонага юборилиб, тез тиббий ёрдам ходимлари томонидан тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.