Тезкор тадбир давомида қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган А.Х. Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги хонадонни ижарага олиб, уни ноқонуний дори омборига айлантиргани аниқланди.
Ушбу хонадондан хорижда ишлаб чиқарилган, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган қуйидаги дори воситалари топилди ва ашёвий далил сифатида олиб қўйилди:
- 15 330 дона Pregabalin Capsules;
- 1 196 дона Chorionig Gonadotropxin Injection;
- 1 175 дона Sodium Chloride Injection I.P;
- 501 дона Iron Sucrose Injection.
Бундан ташқари, дори воситаларини қадоқлаш ва савдога тайёрлаш мақсадида сақлаб келинган 39 турдаги 4 125 та дори қутилари ва йўриқномалари ҳам аниқланди. Умумий зарар қиймати тахминан 1,5 млрд сўм этиб белгиланмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ва уларга доир маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутасадди органлар кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича тезкор ва қатъий чоралар амалга оширилишини таъкидламоқда.











