Изюм туман ҳарбий маъмуриятининг Telegram-каналида маълум қилинишича, ҳужум 15 июл кечаси содир этилган. Ҳозирча жабрланганлар сони ва уларнинг аҳволига оид аниқ маълумотлар келтирилмаган.
Маъмурият хабарига кўра, ҳужум натижасида фуқаролик инфратузилмасига жиддий зарар етган. Хусусан, коммунал корхоналар мулки, қишлоқ хўжалиги техникалари, хусусий уйлар ҳамда бошқа фуқаролик объектлари шикастланган ва вайрон бўлган. Шунингдек, бир нечта жойда ёнғинлар келиб чиққан.
Ҳужум вақтида шаҳарда бир неча бор ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинган.
Бу Изюмга сўнгги кунларда уюштирилган илк ҳужум эмас. Аввалроқ, 5 июл куни Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов Россия зарбаси оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, камида уч нафар аёл жароҳатланганини маълум қилган эди. Уларнинг барчаси шифохонага ётқизилган. Шунингдек, ўша ҳужумда ёнилғи қуйиш шохобчаси биноси вайрон бўлиб, бешта автомобил шикастланган.












