Президент Шавкат Мирзиёевга маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича тақдимотда Республика маҳалла жамғармасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратилгани ҳамда маҳаллалар учун 300 миллиард сўмдан зиёд доимий даромад манбалари шакллантирилаётгани маълум қилинди.

Хусусан, маҳалла ҳудудида санитария қоидалари ва ноқонуний қурилишлар бўйича қўлланадиган жарималарнинг бир қисми маҳалла бюджетларига йўналтирилади. Шунингдек, ер ва мол-мулк солиғидан тушадиган маблағлар улуши 10 фоиздан 15 фоизга оширилади.
Бундан ташқари, бўш ер майдонларини ижарага бериш ва айрим биноларни сотишдан тушадиган маблағлар ҳам маҳаллалар ихтиёрида қолдирилади.

Қайд этилишича, мазкур маблағлар ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлаклари барпо этиш, болалар ва спорт майдончаларини қуриш, маҳалла боғларини ташкил этиш ҳамда эҳтиёжманд оилалар бандлигини таъминлашга йўналтирилади.











