Маълум қилинишича, пойтахтда автобуслар ҳаракати учун мўлжалланган «А» тоифасидаги алоҳида йўлакларни босқичма-босқич жорий этиш ишлари давом этмоқда. Хусусан, Magic City ҳудудидаги Фурқат кўчасидан Халқлар дўстлиги саройи атрофидаги Ислом Каримов кўчасигача бўлган йўл қисмида махсус йўл чизиқлари чизилиб, делиниаторлар ўрнатилмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, делиниаторлар автобус йўлагини умумий транспорт оқимидан ажратиб, бошқа транспорт воситаларининг ушбу йўлакка кириб кетишини чеклайди. Бу эса жамоат транспорти ҳаракати тезлиги ва барқарорлигини таъминлашга ёрдам беради.
Жаҳон тажрибасида АҚШ, Испания, Буюк Британия, Сингапур, Австралия ва Озарбойжон пойтахти Бокуда бундай алоҳида йўлаклар жамоат транспорти самарадорлигини оширишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида қўллаб келинмоқда.
Қайд этилишича, 2026 йил давомида Тошкентнинг 30 дан ортиқ кўчасида «А» тоифасидаги махсус автобус йўлакларини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу йўналишларда делиниаторлар ва бошқа инфратузилма ечимлари ҳам босқичма-босқич жорий этилади.
Лойиҳанинг асосий мақсади автобуслар ҳаракатини тезкор, барқарор ва олдиндан режалаштириш мумкин бўлган тизимга айлантириш, шу орқали жамоат транспорти жозибадорлигини оширишдан иборат.











