Учрашувда томонлар савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳалардаги ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Сўнгги йилларда алоқалар фаоллашгани, товар айирбошлаш ҳажми ўсгани қайд этилди. Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси иштирокида муҳим лойиҳалар самарали амалга оширилмоқда. Кейинги ойдан пойтахтларимиз ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилади.

Шу йил Масқат шаҳрида Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишилди.

Мулоқотда транспорт, логистика, геология, электрон тижорат, рақамли инфратузилма ва бошқа йўналишларда истиқболли лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.