Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев мазкур саммит Ўзбекистон ва Албания муносабатлари тарихида биринчи марта ўтказилаётганини таъкидлаб, унинг икки томонлама шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Учрашувда сўнгги йилларда сиёсий мулоқот ва турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Томонлар БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидладилар.

Музокараларда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, агросаноат мажмуи, “яшил” энергетика, геология, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, туризм каби соҳаларда кенг кўламли кооперация дастурини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон маҳсулотларини Жанубий Европа ва Ўрта Ер денгизи бозорларига етказиб беришда Албаниянинг Дуррес портидан логистика ҳаби сифатида фойдаланиш имкониятларини ўрганишга келишиб олинди.

Томонлар иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлаб, Ҳукуматлараро комиссия ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилда Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олди.

Маданий-ҳуманитар соҳада ўзаро Маданият кунлари, кино намойишлари, кўргазмалар ва ижодий сафарларни ташкил этиш бўйича ташаббуслар қўллаб-қувватланди.

Учрашув якунида етакчилар минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.