“Дунё” ахборот агентлиги хабар қилишича, Анталияда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳамда Руанда ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Оливье Ндхунгирехе ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммюнике имзоланди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг Telegram каналида таъкидлашича, мазкур ҳужжат икки давлат ўртасидаги расмий дипломатик алоқаларга йўл очади. Шу билан бирга, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини жорий этиш бўйича Англашув меморандуми ҳам имзоланган.
Қайд этилишича, ушбу келишувлар Ўзбекистоннинг Африка қитъаси давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.











