Тошкентда бўлиб ўтган музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон–Хитой кенг қамровли стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон ва Ҳонгконг ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда инвестициялар, молия, рақамлаштириш, сунъий интеллект, транспорт ва логистика соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди. Шунингдек, Ҳонгконгнинг халқаро молия ва бизнес маркази сифатидаги тажрибасидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Томонлар ҳудудлараро шерикликни ривожлантириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан тўғри мулоқотларни фаоллаштириш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари бўйича ҳам фикр алмашди.

Учрашувнинг муҳим натижаларидан бири сифатида ўзаро визасиз режимни жорий этиш бўйича келишув тайёрлаш ниятини тасдиқловчи вербал ноталар алмашилди. Қайд этилишича, бу қадам фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш ва ўзаро алмашинувларни фаоллаштиришга хизмат қилади.