Жумладан, Султонлик саройида Самарқанддаги машҳур Шоҳи Зинда мажмуасидаги мақбара безакларидан андоза олиб ишланган тахт мавжудлиги аниқланган. Унда қўлланилган муқарнас нақшлари Темурийлар даври меъморчилигига хос бўлиб, “Самарқанд уч баргли нақши” каби элементлар билан безатилган.
Шунингдек, Масқат шаҳридаги Султон Қобус масжиди айвони деворларида ҳам Темурийлар даври безак санъати намуналари қўлланилгани қайд этилди. Масжид ҳудудида ушбу услубга бағишланган махсус лавҳа ўрнатилган бўлиб, унда Темурийлар меъморчилиги ва унинг тарихий аҳамияти ҳақида маълумот берилган.
Бундан ташқари, Соҳар шаҳрида барпо этилган Султон Қобус жоме масжиди архитектураси Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси услубига яқинлиги билан ажралиб туради. Бинонинг феруза рангли гумбази ва мураккаб кошинкорлик безаклари Марказий Осиё меъморчилик анъаналарининг ёрқин намунасидир.
Бу каби ўхшашликлар Темурийлар даврида Марказий Осиё ва бошқа минтақалар ўртасидаги маданий ва дипломатик алоқаларнинг кенг бўлганидан далолат беради.











