Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, 19 март куни соат 09:00 дан 20:00 гача бўлган вақт оралиғида 500 мингдан ортиқ автомобил пойтахт ҳудудини тарк этган.
Маълум қилинишича, бундай юқори транспорт оқими Рамазон ҳайити байрами ва дам олиш кунлари муносабати билан аҳолининг оммавий равишда шаҳардан чиқиб кетиши билан боғлиқ.
Шаҳардаги йўл ҳаракати ҳолати Ягона тезкор бошқарув маркази орқали сутка давомида назорат қилинмоқда. Мутахассислар видеокузатув тизимлари ёрдамида кўчалар, асосий магистраллар ҳамда чиқиш постларидаги вазиятни реал вақт режимида кузатиб бормоқда.
Байрам кунлари айрим ҳудудларда қисқа муддатли тирбандликлар кузатилган. Йўл ҳаракатини тартибга солиш ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар органларининг қўшимча куч ва воситалари жалб этилган.
ЙҲХБ ходимлари ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда. Айниқса, шаҳарлараро йўлларда ҳаракат жадаллиги юқори бўлгани сабабли масофани сақлаш ва тезлик режимини бузмаслик тавсия этилмоқда.











