Сувдан фойдаланиш ва сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиши устидан давлат назоратини такомиллаштириш чоралари белгиланди. Хусусан, «Сувхўжаликназорат» инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларида сув тежовчи технологиялар ҳамда сувдан фойдаланишни мониторинг қилиш бўлимлари ташкил этилади.

Тадбиркорлик субъектларида инспекция томонидан ўтказиладиган текширувларни ёнкамералардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий этилади. Бу шаффофликни таъминлаш ва текширув жараёнларида инсон омилини камайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экин майдонларида сувдан фойдаланиш ва сув исрофини мониторинг қилиш мақсадида учувчисиз учиш дронларидан фойдаланишга рухсат берилади. Бу эса катта ҳудудларни тезкор кузатиш, қоидабузарликларни аниқлаш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш имконини яратади.

Мазкур чора-тадбирлар сув ресурсларини тежаш ва соҳада ҳисобдорликни оширишга қаратилган.