Олиб борилган ўрганишлар натижасида буюртмачи ташкилот томонидан ўтказилган бошланғич қиймати 15,5 млрд сўмдан ортиқ бўлган танлов савдоларида "Рақобат тўғрисида"ги қонун 29-моддаси талабларига риоя қилинмагани қайд этилди. Хусусан, савдоларда иштирокчилар учун рақобатни чеклайдиган шартлар киритилгани, танлов ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида таклифлар тўлиқ баҳоланмагани, шунингдек, таклифларни нотўғри баҳолаш каби бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан буюртмачи ташкилотга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши аломатлари билан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди. Шу билан бирга, буюртмачи ташкилотнинг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, белгиланган тартибда суд органларига юборилди.
Қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида буюртмачи ташкилотга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ҳам берилган.
Маълумот ўрнида: махсус комиссиянинг мазкур қароридан норози бўлган томон қўмитанинг апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.











