Рақобат қўмитаси республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида кўрсатилаётган тиббий хизматлар нархларининг адолатли шакллантирилганлигини ўрганмоқда.

Май ойига қадар республика ихтисослаштирилган кардиология, кўз микрохирургияси, эндокринология, хирургия, урология, терапия ва тиббий реабилитация, она ва бола саломатлиги, дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказларида ўрганишлар ўтказилди.

Дастлабки натижаларга кўра, айрим ҳолатларда тарифларни шакллантириш бўйича белгиланган талабларга тўлиқ риоя этилмагани аниқланди.

Шу боис ўрганиш ўтказилган марказларга тарифларни амалдаги тартиб ва талаблар асосида қайта шакллантириш ҳамда нархларни мақбуллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўрганишлар якуни бўйича тиббий хизматлар тарифларини мақбуллаштиришга қаратилган умумлаштирилган таклифлар ишлаб чиқилиб, ваколатли давлат органларига юборилади.