Жорий йилнинг 2 январ куни ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаментининг Айдар–Арнасой кўллар тизимини муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари кўлнинг назорат ҳудудида тунги вақтда ҳаракатланаётган “Ласетти” русумли транспорт воситасини тўхтатиб кўздан кечирган. Текширув давомида автомобил юкхонасидан кўлдан ноқонуний равишда тутилган жами 344 дона 4 хил турдаги балиқ маҳсулотлари борлиги аниқланган.

Шу куни бошқарма ходимлари томонидан кўл ҳудудида қайиқ ва тўр ёрдамида балиқ маҳсулотларини ноқонуний равишда овлаётган 2 нафар фуқаро ҳам қўлга олинган. Дастлабки ўрганишлар жараёнида уларнинг олдида 40 дона судак туридаги балиқ маҳсулоти борлиги маълум бўлган.

Ҳозирда ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун суд органларига юбориш чоралари кўрилмоқда. Маълумот учун, овланган балиқ маҳсулотлари ҳудудга хизмат кўрсатувчи МЧЖга топширилган.

Ноқонуний балиқ овлаш натижасида табиатга келтирилган тахминий зарар 387 млн сўмни ташкил қилади.