Ўзбекистонда электромобилларни қувватлаш станцияларида 1 kWh электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Бундай тартиб 2026 йил 1 майдан бошлаб йўлга қўйилиши керак.

Бу – президент фармони билан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурида кўрсатилган.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 мартдан бошлаб электромобилда такси фаолияти билан шуғулланувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар учун:

  • ижтимоий солиқдан 10 фоизгача чегирма берилади;
  • давлат ташкилотларига тегишли автотураргоҳлар, шу жумладан аэропорт ва вокзаллардаги автотураргоҳларда 30 дақиқагача бепул фойдаланишга рухсат этилади;
  • ҳуқуқбузарлик ва ЙТҲ содир этмасдан 1 миллион километр масофада такси хизматини кўрсатган фуқароларга “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони берилади.

Қувватлаш станциялари учун сотиб олинадиган ер майдонларининг аукциондаги бошланғич нархи уларнинг бозор қийматидан 2 баробар арзон нархда белгиланади. Бу топшириқ ижроси 2026 йил 1 майдан бошланиши керак.

Шунингдек, республика ҳудудларида 14 та ботаника ва дендрология боғлари, 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари барпо этилади.

Хорижий тажрибани ўрганган ҳолда (Франция, Хитой, Саудия Арабистони) сунъий ёмғир ёғдириш технологиясига илмий асосланган ҳолда пилот амалий лойиҳа ишлаб чиқилади.