Боғбон Маҳбубахон Мухторованинг айтишича, бу йил куз совуқ келиб, кўплаб боғбонларнинг узумини совуқ уриб кетган.




“Узумларни токнинг ўзида сақлаб, атрофини ўраб қўйганингиз билан мева ўзи-ўзидан чиройли бўлиб турмайди. Ҳаракатни сентябр ойидан бошлаймиз. Куйиб-пишиб меҳнат қилсангизгина ниятингизга эришасиз, меҳнатга яраша қўлингиз пул кўради. Узумни айниқса ёмғирдан ҳимоя қилиш керак. Ёмғир кўп ёғса, том сувга тўлади. Иссиқхона бузилмаслиги учун ичкарига махсус тўсинлар ўрнатиб чиқамиз. Плёнка сувга тўлса ичкаридан сувини тешиб туширамиз.

Кунлар бироз илиса, махсус туйнукларни очиб, ичкарига ҳаво берамиз. Ҳаво бермасангиз, узумлар қорайиб кетади. Қорайган узумлар эса мазасини йўқотади. Мева атрофидаги баргларни ҳам олиб чиққанмиз. Сабаби баргда нам қолса, ундан узумга сув томади, кейин мева чирийди.


Кечаси печкага ўтин, кўмир солиб ичкарини иситамиз. Ортиқча иситиб юборсангиз ҳам узум юмшаб, сифати бузилади. Иложи борича узумларни совуқ олдирмасликка ҳаракат қиламиз. Кузнинг бошида ҳаво совуқ келди. Кўпчиликнинг ҳосилини совуқ уриб кетди. Шу совуқларда, шамол кучли эсган кунлари ҳам атрофни ўраб, эҳтиёт қилдик”, дейди боғбон опа.
Айни пайтда ишкомда сақланаётган 1 кг узум 25 минг сўмдан сотилаётган экан.
Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz










