“Ҳокимнинг уйимизга келиб биз билан учрашиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Чала қолган иморатим ҳам битадиган бўлди”, – дейди Рўзихон опа.
Рўзихон опа тармоқларда машҳур бўлиб кетганидан ҳайратлангани, уйига вилоят ҳокимининг келиши эса кутилмаган совға бўлгани ҳақида сўзлаб берди:
“Kun.uz’га қойил қолдим, рости. Оиламиз ҳақидаги лавҳа бутун интернетга тарқабди. Жуда кўпчилик келиб биз билан суҳбатлашиб кетди. Энг қувонарлиси, уйимизга Хайрулло Бозоров кириб келди, ҳайрон қолдим. Вилоят каттаси яшаш тарзимиз, кунлик қилаётган меҳнатимизни кўриб тасаннолар айтди.

Усталар келиб уйимизни таъмирдан чиқариб беришди. Вилоят ҳокими ҳали битмаган иморатимизнинг қолган қисмини ҳам битказиб беришга ваъда берди. Бундан барчамиз хурсанд бўлдик.

Куни кеча турмуш ўртоғимнинг таваллуд топган куни эди. Олтиариқ тумани маданият бўлимидан совға-саломлар билан келишиб мусиқий чиқишлари билан табриклаб кетишди.

Турмуш ўртоғим ҳар куни телефонимга ишора қилиб оиламиз ҳақидаги лавҳани қўйиб беринг, деб имо-ишора қиляпти. Видеони қайта-қайта кўриб қувонгандан қувоняпти. Товуқларим ҳам машҳур бўлиб кетди. Тухумидан сотасизми, деб келувчилар кўпайди”, – дейди Рўзихон опа.










