Қарор лойиҳаси билан мамлакатда маданий мерос ва музейлар соҳаси салоҳиятини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳамда унинг ижросини назорат қилувчи Ташкилий қўмита таркиби тасдиқланиши кўзда тутилган. Ташкилий қўмита зиммасига Дастурда белгиланган вазифаларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа тузилмалар билан ҳамкорликда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шунингдек, “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилади.

Маданий мерос агентлиги, Фанлар академияси, Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ҳудудий ҳокимликлар ҳамкорлигида:

маданий мерос объектлари ва музейларга кириш чипталарини рақамлаштириш, олдиндан онлайн харид қилиш имкониятини яратиш ва билет операцияларининг ягона электрон тизими (БОЯЭТ) билан интеграция қилиш;
музей (фонд) ашёлари, коллекциялар ва архив материалларини босқичма-босқич рақамлаштириш;
объектлар ва музейларга йўналтирувчи кўрсаткичлар, хариталар ва QR-кодли маълумотлар жойлаштириш;
давлат музейлари ва маданий мерос объектларига “виртуал саёҳат” қилиш имконини берувчи махсус дастурларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
ҳар бир музейнинг шахсий бренди (museum brendbook)ни яратиш, расмий веб-сайтларни замон талабларига мос равишда тўлиқ янгилаш ва улар учун мобил иловалар ишлаб чиқиш каби вазифалар белгилаб қўйилади.

Шунингдек, қарор лойиҳасига мувофиқ, турар жойлар ва ҳудудларнинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, инфотурлар ташкил этиш, хорижий ва маҳаллий туристик компанияларни музей ва маданий мерос объектларига кенг жалб этиш, чипта нархларини оптималлаштириш, экспозицияларни янгилаш, интерактив технологияларни кенг жорий этиш ҳам назарда тутилган.