Украинанинг нуфузли The New Voice нашри ёзишича, шаҳар 6 гектар (14,8 акр) майдонни эгаллаган бўлиб, эҳтимол, Бухоро ва Хоразмни боғлаб турувчи муҳим савдо маркази вазифасини бажарган.
Икки йил давомида археологлар учта секторда қазиш ишларини амалга ошириб, мустаҳкамлаш иншоотлари – қалъа, қўриқлаш постлари ва мудофаа деворлари қолдиқларини топдилар. Лойиҳа раҳбари Санжар Абдураҳимов маълум қилишича, шаҳарнинг марказий қисми, эҳтимол, сарой ёки маросим зали бўлган. Бу ерда кенг хона, унга туташ хоналар, шунингдек, ўша давр бадиий анъаналаридан далолат берувчи ёрқин деворий суратлар (фрескалар) парчалари топилган.
Тадқиқотлар шаҳар ҳунармандчилик ишлаб чиқариш маркази бўлганини ҳам кўрсатмоқда. Археологлар кулолчилик устахоналари, тошга ишлов бериш жойлари, катта ҳажмли сақлаш идишлари ва кўплаб сопол буюмларини аниқлаган.
Мақолада таъкидланишича, бу кашфиёт Қашқадарё воҳасида археологик фаоллик кучайган бир пайтга тўғри келмоқда. 2025 йил давомида тадқиқотчилар 100 дан ортиқ аввал ҳужжатлаштирилмаган археологик ёдгорликларни рўйхатга олган. Самарқанд институти ушбу қазиш ишларини узоқ муддатли лойиҳа сифатида давом эттиришни режалаштирмоқда.











