Ижтимоий тармоқларда «Шошилинч хабар: Ўзбекистонда айрим электр ҳисоблагичлари ортиқча киловатт “ёзяпти”! Эҳтимол, сиз ҳам ортиқча тўлаяпсиз!» мазмунидаги хабарлар тарқалди. Сарлавҳа ҳисоблагичлар «ортиқча» электр энергиясини ҳисоблаётгани ҳақида таассурот уйғотади.
Аслида эса тарқатилган хабарда республика бўйлаб ўрнатилган ҳисоблагичлардаги маълумотларни тегишли тугма орқали кўриш ва функцияларидан фойдаланиш имкониятлари тушунтирилган, холос.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ маълумот беришича, истеъмолчиларга ўрнатилаётган барча турдаги ҳисобдонлар завод ва идоравий кўп босқичли синов–текширувдан ўтади. Камчилик аниқланса, бундай қурилмалар ўрнатиш ва сотиш учун чиқарилмайди. Шу сабабли «айрим ҳисоблагичлар ортиқча киловатт ёзяпти» деган хабар мутлақо асоссиз.
Компания ижтимоий тармоқ эгалари ва маъмурларидан фуқароларни чалғитувчи, текширилмаган маълумотларни тарқатмасликни, истеъмолчилардан эса электр энергиясига оид ахборотни расмий манбалардан кузатишни сўради.











