Британиянинг BBC медиакомпанияси ва инсон ҳуқуқлари бўйича "Медиазона" онлайн лойиҳаси Россия қўшинларининг Украинага қарши урушдаги йўқотишлари ҳақида янги маълумотларни эълон қилди. Улар кўнгиллилар гуруҳи билан биргаликда Украинага қуролли босқин пайтида ҳалок бўлган 133 117 нафар россиялик ҳарбийнинг исмларини аниқлади.

Бу 5 сентябрда эълон қилинган аввалги ҳисоботдан 5000 кишига ортиқроқдир. Ҳисоблаш учун очиқ манбалар, жумладан, матбуотдаги некрологлар ва ижтимоий тармоқлардаги постлардан фойдаланилган.

Тадқиқотга кўра, ҳалок бўлганларнинг 28 фоизи уруш бошланганидан кейин армияда хизмат қилиш учун шартнома имзолаганлардир. Муаллифларнинг таъкидлашича, бундай аскарларнинг улуши ўсишда давом этмоқда.

Қурбонлар сони бўйича иккинчи ўринда - колониялардан фронтга жўнатилган маҳкумлар.