Миграция агентлиги тизимидаги икки ходим Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан одамлардан пул олгани ҳолатига агентлик расмий муносабат билдирди.
Аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати ҳозирча икки нафар аъзоси аниқланган жиноий гуруҳ ўтган йили 80 дан ортиқ одамдан жами 700 минг доллардан зиёд пул олганини хабар қилганди
Миграция агентлиги баёнотида айтилишича, агентлик 2024 йил октябрида қайта ташкил этилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурига ўтказилганидан то бугунги кунгача Кореяга E-9 визаси учун ҳеч қандай танловлар ўтказилмаган.
“Айрим ходимлар томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлардан кейин, Миграция агентлиги фаолиятида Жанубий Кореяга юбориш билан боғлиқ кадрлар, шу жумладан, Сеулдаги ваколатхонасида фаолият юритган барча ходимлар тўлиқ ўзгартирилди”, – дейилади хабарда.
Ташкилот ўз касбига хиёнат қилиб, фуқароларнинг ишончи ва ҳақ-ҳуқуқларини суиистеъмол қилган шахсларнинг ҳаракатларини кескин қоралашини билдирган.
“Агар фаолиятимиз билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар ёки қоидабузарликларга гувоҳ бўлсангиз, Миграция агентлигининг Комплаенс хизматига дарҳол, 71–202–44–11 телефон орқали ёки 12-82 қисқа рақам орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз”, – дейилади расмий муносабатда.
Давлат хавфсизлик хизмати аввалроқ берган хабарга кўра, Миграция агентлигининг Наманган вилоятидаги бош мутахассиси одамларнинг ишончига кириб, Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан 41 минг доллар олган вақтида қўлга тушган. Кейинроқ бу пулнинг бир қисми агентлик марказий аппарати ходимига етиб борган ва у ҳам жиноят устида ушланган.
Икки ходим ўтган йили 80 дан ортиқ одамдан 700 минг доллардан ортиқ пул олиб, уларни сарсон қилиб юргани айтилмоқда. Ҳозирда жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.











