Россия 24 июн куни Украинанинг Днепр шаҳрига йўллаган баллистик ракета зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 18 кишига етди. Днепрга қўшни Самар шаҳрида яна 2 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Днепропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак маълум қилди.

“Ҳужумлар сабаб умумий ҳисобда деярли 300 киши жабрланди”, – дея ёзди Лисак Telegram-каналида.

Днепр шаҳрида кўплаб вайронагарчиликлар қайд этилган. Портлаш тўлқини Одессадан Запорижжяга кетаётган йўловчи поездига ҳам зарар етказган.

“Инфратузилма, таълим ва тиббиёт масканлари, маъмурий бинолар ва фавқулодда вазиятлар хизмати иншоотлари, йўловчи поезди. 46 та кўп қаватли уй, 41 та хусусий уй, бир нечта ётоқхоналар, юздан ортиқ автомобил зарар кўрди. Бундан ташқари, ёқилғи шохобчаси, автосервис, хўжалик қурилишлари, савдо павильонлари, дўконлар ҳам”, – деди вилоят раҳбари.

Россия ҳарбийлари Днепрга берилган ҳужум юзасидан расмий изоҳ бермади.