Қайд этилишича, Зарқайнар кўчасида жойлашган Абу Бакр Каффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, Намозгоҳ ва Тиллашайх масжидлари бўйича тақдим этилган реставрация лойиҳалари кенгаш аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, бир овоздан маъқулланган.
Таъкидланишича, лойиҳаларда ёдгорликларга зиён етказилмаслиги кафолатланиши ва девор таги тўшамаси махсус оби ғишт — 250×250×50 ўлчамдаги хумдонда пиширилган мусулмон ғиштидан фойдаланиш шарти билан тасдиқланган.
Мазкур ишлар бўйича ижро ва назорат Маданий мерос агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ва «Маданий мерос илмий-тадқиқот институти» давлат муассасасига юклатилган.
Шунингдек, Навоий вилоятидаги Қизилтепа тарихий музейини таъмирлаш ва Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида жойлашган Манак ота зиёратгоҳида мақбара ҳамда ёрдамчи бинолар қуриш лойиҳалари ҳам Кенгаш томонидан маъқулланган.











