Россия Федерацияси Давлат думаси 19 ноябр, сешанба куни иккинчи ва учинчи ўқишда қонун қабул қилди. Унга кўра, жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Украинага қарши урушда қатнашаётган сафарбар қилинганлар, чақирилувчилар (курсантлардан ташқари) ва шартнома бўйича аскарлар учун 10 миллион рублгача муддати ўтган кредитларни ҳисобдан чиқариш назарда тутилади. Гап 2024 йил 1 декабргача шартномалар тузилган ва қарзни ундириш тўғрисидаги суд ҳужжати қонуний кучга кирган ёки ижро иши қўзғатилган кредитлар ҳақида бормоқда.

«Фуқароларнинг маълум бир тоифаси учун 10 миллион рублгача ҳисобдан чиқарилиши мумкин — улар сафарбарлик пайтида ҳарбий хизматга чақирилганлар; муддатли ҳарбий хизматчилар (ҳарбий мактаблар ёки олий ўқув юртлари курсантлари бундан мустасно); ҳарбий хизматни ўтамаётган, лекин 2024 йил 1 декабрдан олдин бир йил ёки ундан кўпроқ муддатга ҳарбий хизматни ўташ тўғрисида шартнома тузган бошқа фуқаролар, - дея аниқлик киритди «Интерфакс» агентлиги. - Ҳисобдан чиқариш ушбу тоифадаги фуқароларнинг турмуш ўртоқларига ҳам тегишли».

Давлат думаси веб-сайтида қонун қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарда «ҳозирда СВО иштирокчиларига нисбатан ижро процесси тўхтатилгани эслатиб ўтилади, аммо улар ижро йиғимидан озод этилмайди». Ушбу тўлов ундирилган сумманинг ёки ундирилиши керак бўлган мулкнинг 7 фоизидир.

19 ноябрда қабул қилинган қонун, шунингдек, ҳарбий хизматчининг кредит таътилини олиш учун ариза бериши мумкин бўлган имтиёзли даврни оширади — 30 кундан 180 кунгача.