Учрашувда Абдушукур Хамзаев партиянинг сайловолди дастури юзасидан тўхталиб, ундаги таклифлар электоратнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилганини таъкидлади. Шунингдек, дастурда белгиланган мақсадлар орқали экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳамда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатишга эътибор қаратилиши қайд этилди.

Партия раҳбари Орол фожиасидан хулоса чиқарган ҳолда, қурғоқчил ҳудудларда экологик муаммолар туфайли пайдо бўлаётган касалликларни аниқлаш, уларни мониторинг қилиш ва олдини олиш чораларини кўриш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, иқлим ўзгаришига чидамли янги навларни яратишни рағбатлантириш ҳамда биохилма-хилликни сақлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш муҳим вазифалар сифатида кўрсатилди.

Абдушукур Хамзаев партиянинг Оролбўйи ҳудудидаги биохилма-хилликни асраш, чўлланишнинг олдини олиш ва экотуризмни ривожлантириш бўйича бир қатор ташаббусларини баён қилди. Ушбу ташаббуслар халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилиши таъкидланди.

Учрашув давомида Қорақалпоғистонда сўнгги беш йилда амалга оширилган экологияга оид лойиҳалар хусусида ҳам маълумот берилди. Партия ҳудуд иқлимини яхшилаш йўлидаги ишларини янада кучайтиришга ваъдалар берди.

Тадбир якунида партия ташаббусларини амалга оширишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш ва аҳоли билан ҳамжиҳатликда иш олиб бориш муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.