Бугун, 30 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Нарзулло Обломуродов номзоди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимига маъқулланди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

46 ёшли Нарзулло Обломурадов шу йил февралидан буён Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси бўлиб ишлаб келаётганди.

У шу йил октябрь ойидаги президент сайловида 670 641 нафар сайловчининг (4,14 фоиз) овози билан 4-ўринни эгаллаган.

Экология қўмитаси раиси лавозими 4 ойдан буён вакант эди. Собиқ раис Алишер Мақсудов бу мансабдаги 8 ойлик фаолиятидан кейин, танқидий руҳда ўтган президент йиғилишида ишдан олинганди.

Алишер Мақсудов / Фото: Kun.uz

Нарзулло Обломуродовга бу қўмита бегона эмас, у 2020 йил апрелидан Экоқўм раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Фаолияти давомида, шунингдек, Президент администрациясида масъул ходими бўлиб ишлаган Обломуродов 2019 йилда “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланган.

Аввалроқ, Экопартия Жиззахдаги атрофи бетонланган дарахтлар воқеаси сабаб Экоқўмитани танқид қилганди.