Бахтиёр Қудратуллаев билан бирга судланган 36 нафар судланувчидан бири вафот этган. Буни Kun.uz’нинг бир-биридан мустақил уч манбаси тасдиқлади.

Манбага кўра, судланувчилардан бири – 1964 йилда Тошкент вилоятида туғилган Шукурали Қурбонов унга нисбатан суд ҳукми эълон қилинганидан бир кун ўтиб, вафот этган.

Қурбонов Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а”, “в” бандлари ва 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилганди. Унга 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган эди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовнинг Kun.uz’га  тасдиқлашича, Шукурали Қурбонов инфаркт бўлиши оқибатида вафот этган.

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати раҳбари билан боғланганида “аниқлаштириб, маълумот берилиши” айтилди.

Эслатиб ўтамиз, 19 июл куни Бахтиёр Қудратуллаев ва 36 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинганди. Суд ҳукми билан судланувчиларга 3 йилдан 20 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. Ҳукмга кўра, 6 киши хавфли рецидивист деб топилганди.